Фарҳод Ҳабибович университет жамоаси эътиборини ўқув жараёнини такомиллаштиришга, илмий изланишлар самарадорлигини оширишга қаратди. Янги илмий йўналишлар, мутахассисликлар, кафедралар, лабораториялар вужудга келди. Раҳбарнинг тарихчи эканлиги эса тарих факультети ҳаётида алоҳида аҳамият касб этди. Унинг шахсий ва илмий алоқалари натижаси ўлароқ Москва, Тошкент, хориждан етакчи тарихчи олимлар маъруза ўқишга таклиф қилиндилар. СССР
ФА Тарих институтининг олимлари, тарих фанлари доктори Л.У. Юсупов, Ш.Ф. Мухаммадяровлар, Германиялик олима Ингеборг Бальдауф, ЎзР ФА Тарих институтининг етакчи илмий ходимлари махсус курслардан талабаларга дарс ўтдилар. Бу амалиёт ҳозирда ҳам давом этмоқда, академик институт тадқиқотлари натижалари махсус курслардан маърузалар орқали талабаларга етказилиб, фан ва таълим муштараклиги таъминланмоқда. Ф. Қосимов раҳбарлиги йилларида юқори малакали тарихчи мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Тарих факультети институтдаги энг илғор жамоа, институт эса Республика олий мактаблари орасида пешқадамлардан бири бўлди.
Ф. Қосимовнинг ректорлик давридаги бошқарув усулини унинг замондошлари “Фарҳод Ҳабибович XXI асрга хос раҳбар эди. Европача, дунёвий стилдаги раҳбар эди”1, – деб эътироф этишади.
Раҳбарлик лавозими унга эришган ҳар инсон учун маълум маънодаги “лакмус қоғози”. Инсоннинг моҳияти ва чин сифатлари айнан шу жараёнда намоён бўлади.
“Фарҳод Ҳабибович бу лавозимда (ректорлик) ғоят маҳорат ва тадбиркорлик билан ишлади. Ҳатто унга ғараз нияти билан боқиб, турфа ташкилотларга “сермазмун” хатлар йўллаган касбдошларига ҳам ёмонликни соғинган эмас”2.
Раҳбарлик лавозимида иш тақозоси билан баъзида ноўрин, ноҳақ хафа қилган ҳамкасбларидан пайти билан узр сўраш, хатосини тузатишни “илмига амали бўлган мард одамлар тан олади”3 деб баҳолашди. Қолаверса, “... Замона зайли, мансабларнинг шон-шуҳрати насл насаби пок олимнинг феъл-атворига таъсир этмади. У ҳеч қачон, ҳатто лавозимларда ўтирганида ҳам кибру ҳавога берилмади. Виждон амрига қулоқ тутиб, ҳалол-пок умргузаронлик қилди”4.
1Абдуллаев С. Слово о моём учителе // Ибратли умр саҳифалари. 11-бет.
2Воҳидов Р. Одамийлик ва тарих илмида Фарҳод эди // Ибратли умр саҳифалари. 25бет.
3Азимов С. Илм амали билан шарафлидир // Ибратли умр саҳифалари. 13-бет.
4Азимов С. Илм амали билан шарафлидир … 12-бет.
-371 -
Ф.Ҳ. Қосимов Бухорода яшаб ижод қилган бўлсада вилоят ва марказни боғлаб турган залворли бир занжир бўлдилар. Фарҳод Ҳабибовичнинг номзодлик ва докторлик диссертацияси устида ишлаш ва ҳимояга тайёргарлик жараёни маълум маънода Ўзбекистонда тарихшунослик тадқиқотлари маркази бўлган ФА Тарих институтида кечди. Олимнинг илмий фаолияти то умрини охиригача бевосита мазкур даргоҳ билан чамбарчас боғлиқ бўлди.
“Фарҳод Ҳабибович Тарих институти тарихшунослик бўлимида докторлик диссертацияси муҳокамасида нутқи, фикрларининг теранлиги, муаммони тақдим қилишда ўзига хослиги билан барчани мафтун қилиб, бетакрор бир таассурот қолдирдиларки, шу пайтдан бошлаб бўлимдагилар ва бошқа тадқиқотчилар учун “оқ ҳавас” предметига айландилар”- деб хотирлайди профессор Д.Алимова.
Фарҳод Ҳабибович ЎР ФА Тарих институтида илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи кенгаш, Докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимояси бўйича ихтисослашган Кенгаш, Ўзбекистон тарихчиларини махсус нашри “Ўзбекистон тарихи” журнали таҳририяти аъзоси эдилар. Институтда тарихшунослик тадқиқотларига оппонентлик қилиш ёки тақриз бериш ҳақида масала турганда биринчи навбатда Бухоро ва Ф.Ҳ. Қосимов номи тилга олинарди. Фарҳод Ҳабибович институт илмий кенгашлари ишида имкони борича фаол иштирок этишга ҳаракат қилиб, ўз фикр-мулоҳаза- ларини принципиал бир тарзда тақдим қилар эдилар. (Бухоро ва Тошкент ўртасида мунтазам қатнаш қанчалик қийин бўлмасин, айниқса соғликлари панд берган пайтда.) Ф.Ҳ. Қосимов “Ўзбекистон тарихи” журналининг доимий муаллифларидан бири эди. Ўзбекистон тарихининг долзарб мавзуларига оид мақола сўраб мурожаат қилганимизда, журналга тақдим қилинаётган мақола мавзусига, матнни равон тарзда ўқувчига етказишга жиддий аҳамият берардилар. Умуман илмий тадқиқотларга ниҳоятда масъулият билан чуқур, кенг ёндошув, ҳар бир жумлага сайқал бериш ва бетакрорлик Ф.Ҳ. Қосимов салоҳияти ва қаламига хос эди1.
Ф. Қосимов фаолиятининг яна бир муҳим ва асосий қирраси бу педагоглик эди. У Бухоро давлат педагогика институти (университети) тарих факультетида талабаларга “Тарихшунослик”, “Ўзбекистон тарихи” фанларидан, “Ўрта Осиё ва Россия муносабатлари”, “Тарих фалсафаси”, “Махсус тарих фанларини ўқитиш услубиёти”, “Тарихшунослик муаммолари” каби махсус курслардан маъруза ўқиди. Тарих фани истиқболи, уни етук кадрлар билан таъминлаш мақсадида
1 Алимова Д., Асадова Ш. Илмни азиз, фанни муқаддас деб билар эди // Ибратли умр саҳифалари. 15-18-бетлар.
- 372 -
Жаҳон тарихи кафедраси ҳузурида “Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқотлар усулиёти” ихтисослиги бўйича магистратура очилиши ташаббускори бўлди.
Фарҳод Ҳабибовичнинг маърузалари янги илмий ахборотга бойлиги ва тафаккурининг теранлиги, шахсига хос бўлган дилраболик, чексиз эрудиция каби сифатлар талабаларни унга сари интилишларини кучайтирарди. Бир қарашда ниҳоятда жиддий ва салобатли кўринган бу ўқитувчи талабалар билан эркин муносабат ўрнатиш маҳоратига эга эди.
Фарҳод Ҳабибович таълим жараёнида илмий иш олиб боришга иқтидори ва мойиллиги бор талабаларни маслаҳатлари билан илмий йўналтириб, тадқиқотчилик фаолиятига рағбатлантирар ва қўллаб- қувватлардилар. Тарих ва фалсафа соҳасида номзодлик ва докторлик илмий даражасига эришган бу талабалар устоз номини чуқур эҳтиром ва миннатдорлик билан ёдда тутадилар. Улар: Г. Наврўзова, А. Жумаев, У. Рашидов, К. Мастонов, С. Раупов, Ҳ. Тўраев, З. Саидова, М. Қурбонова, М. Орипова, Ш. Асадова, Ш. Ҳайитов, А. Ҳамроев бу рўйхат тўлиқ эмас ва уни анчагача давом эттириш мумкин. Фалсафа фанлари доктори, профессор Г. Наврўзованинг эслашича:“Устозимиз Қосимов Фарҳод Ҳабибович ўша вақтдаёқ (бу ХХ асрнинг 70-йиллари) ҳозирги кун талабида бўлган ўқитишнинг илғор педагогик технологиялари асосида маъруза ва амалий машғулот ўтардилар. У киши тарихий воқеа ҳақидаги асосий факт ва ғояларни айтиб, “Сизнингча бундан кейин воқеалар қандай ривожланган?” – деб, аввал бизнинг фикримизни олиб, кейин воқеанинг асл ҳолатини баён этардилар. Натижада талабалар маърузаларда фаол қатнашарди ва хотираларимизда мустаҳкам сақланарди”1.
Фарҳод Ҳабибовичнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, касбига муносабати талабалар учун намуна мактаби ва тақлид манбаси эди.
“Дид билан ораста кийинган, ўзбек, рус ва тожик тилларида равон сўзлашадиган, ўз фанини чуқур биладиган, самимий устозимизга ҳавас қилардик, маърузаларидан қолмасликка интилардик”2.
“... илмга жиддий муносабатда бўлган тарих факультети талабаларидан кўпчиликлари кийинишда, қаддини рост тутиб қўл ташлаб юришда, нутқ ифода этишда домладан ўрнак олишга ҳаракат қилишар, унчалик ўхшамасада имкон қадар ўхшатишга интилишарди”3
– деб хотирлайди тарих фанлари доктори Ш. Ҳайитов.
1Наврўзова Г. Устози аввал // Ибратли умр саҳифалари. 53-бет.
2Орипова М. Устозим ҳақида // Ибратли умр саҳифалари. … 57-бет.
3Ҳайитов Ш. Илмда устоз, ҳаётда ибрат // Ибратли умр саҳифалари. … 105-бет.
-373 -
Фарҳод Ҳабибовичдан талабалик йилларида сабоқ олган, кейинчалик бир кафедрада хизмат қилган Азалшо Ҳамроев: “Мен ўз усто-
зимдан китобнинг қадрига етиш, китобсеварлик фазилатини ҳам ўрганганман. Домланинг бой кутубхонаси бўлиб, мен бир неча бор китоблари дид билан терилган шу кутубхонага кириб, ўзимга керакли манбаларни ўқиш учун олардим. ...Илмий ишим юзасидан В.В. Бартольднинг асарлари тўпламидан фойдаланишга тўғри келиб қолди. ...Мен китобларнинг тўлиқ тўпламини бериб туришга домлани кўндиришга муяссар бўлдим. Шунда эртаси куни домла келиб: “Мен гўёки бир нарсамни йўқотган одамга ўхшаб қолдим. Мени хазинамнинг энг сара гавҳарлари бўлмиш бу китоблар ҳеч қачон кутубхонамдан ташқари чиққан эмас эди. ... биринчи марта китоблар кутубхонамни тарк этди- ю, мен ҳам кечқурун ухлагандек бўлмадим”, – деганларида устознинг китобга бўлган меҳрлари нақадар баланд эканлигини ҳис қилган эдим”1
– деб эслайди.
“Устознинг яна бир ибратли хислатлари – шогирдларнинг муваффақиятидан фахрланиш, истеъдодини ҳурматлаш эди. Газетадами, журналдами, бирор мақоламизни ўқиб қолсалар, телевидениедаги чиқишларимизни кўриб қолсалар, албатта бизни табриклар эдилар. Ҳар бир табрик – бир дуо эди”2-деб хотирлайди тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраев.
Ф.Ҳ. Қосимов тарих соҳасидаги илмий ишларга раҳбарлик қилиб, Ўзбекистонда олий малакали мутахассис кадрларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди. Унинг илмий раҳбарлигида Ш. Мухамедов, У. Рашидов, У. Темиров, Ф. Аминов, Л. Мухаммаджонова, Г. Остонова “Ватан тарихи”, “Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари” ихтисослиги бўйича номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилдилар3. Ўз соҳасининг йирик билимдони бўлган Ф.Қосимов шогирдларини кам ўрганилган ва долзарб муаммоларни тадқиқ қилишга йўналтирди. Зотан бу муаммоларнинг ҳал қилиниши том
1Ҳамроев А. Китобга меҳр // Ибратли умр саҳифалари. … 113-114-бетлар.
2Тўраев Ҳ. Устоз ҳақида // Ибратли умр саҳифалари. … 80-бет.
3Мухамедов Ш. Историография коммунистических организаций Средней Азии (19171925 гг.) Автореф. дис. ... канд. ист. наук. Ташкент, 1990. 25 с.; Рашидов У. Освещение деятельности Советов Узбекистана в советской исторической литературе (19171990 гг.) Автореф. дис. ... канд. ист. наук. Ташкент: ТашГУ, 1991; Темиров У. Освещение проблемы индустриализации Узбекистана в советской исторической литературе. Автореф. дис. ... канд. ист. наук. Ташкент: ТашГУ, 1992.; Аминов Ф. 1920-1930-йилларда Марказий Осиёда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўзгаришларда халқлар ҳамкорлиги тарихшунослиги. Тарих фанлари номз. дисс. автореф. Самарқанд: СамГУ, 1995.; Мухаммаджонова Л. Общественно-политическая ситуация в Бухаре в начале ХХ века и развитие демократического движения (1908-1920 гг.): Автореф. дис. ...
канд. ист. наук. Ташкент: ИИ АН РУз, 1999. – 32 с.; Астанова Г. Историография политических процессов в Бухаре в (1920-1924 гг.). Автореф. дис. ... канд. ист. наук. Ташкент:
ИИ АН РУз, 2008. – 30 с.
-374 -
маънода тарихшунослик жараёнини англашни бойитишга хизмат қилди. Фарҳод Ҳабибович шогирдларига тарихшунослик тадқиқотини олиб бориш методикасини, энг муҳими – тарих, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини англашни қунт билан ўргатди.
Фарҳод Ҳабибович ўз ўқувчиларини ҳурмат қилар ва улар билан ишлай олар эди. Ўзининг ниҳоятда бандлигига қарамай уларнинг ишини синчковлик билан ўқишга, таҳлил қилишга вақт топар, тажрибаси ва илмий маслаҳатини, қўлидан келган ёрдамини аямаслик, уларнинг илмий истиқболи ҳақида қайғуриш Қосимовга хос эди. 2006 йилнинг октябрь ойларида Тошкентга, Тарих институтидаги Докторлик ва номзодлик ҳимояси бўйича ихтисослашган илмий Кенгаш йиғилишига ташриф буюрган Ф.Қосимов институт директори, илмий Кенгаш раиси Д. Алимова ҳузурига кириб, соғлигининг ёмонлашгани, юрак хуружи тез-тез безовта қилаётгани ҳақида гапириб, чўнтакларидан бир ҳовуч турли хил дориларни кўрсатиб, шогирдларининг илмий ишига раҳбарлик ва ҳимояси тақдирини институт етакчи ходимларига, соҳа олимларига ҳавола этишни таклиф қиладилар.
“Фарҳод Ҳабибовичдан бу каби шикоятни биринчи марта эшитдим. “Сизга касаллик ва ундан шикоят қилиш асло ярашмайди. Илмий кенгаш фаолиятида Сизнинг иштирокингиз жуда муҳим, тарихшунослик ихтисослиги бўйича мутахассислар ҳали ҳам камчил, қолаверса бу соҳа бўйича кадрлар тайёрлашда раҳбарлик ва илмий тажрибангиз ғоятда керак”,- дедим. Афсус, бу менинг кўп йиллик илмий сафдошим, ҳаммаслагим Ф.Қосимов билан бўлган сўнгги суҳбатим экан”1, - деб хотирлайди профессор Д.Алимова.
Маълумки, илмий анжуманлар олим тадқиқотчилик фаолияти натижаларини жамоатчиликка етказадиган асосий минбар ҳисобланади. Фарҳод Ҳабибович ўз умри давомида ана шундай минбарлардан кўплаб марталар туриб ҳамкасабаларига, жамоатчиликка илмий мушоҳадаларини тақдим қилди. Авваламбор Ф.Ҳ. Қосимов ўзи фаолият кўрсатаётган БДУ Тарих факультети ва институт илмий анжуманларида талабалар ва касбдошлари олдида тарих фанининг ютуқлари ва муаммолари, тарихшуносликнинг долзарб масалалари ҳақида маърузалар қилиб, ўзига хос бир илмий муҳитни шакллантирди. Қолаверса Ўзбекистон тарихига доир билимларни, Ўзбекистон тарих фани ютуқларини республика, халқаро миқёсдаги анжуманларда (Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Москва, Варшава, Париж) юксак масъулият ва маҳорат билан тарғиб қилдилар. Тилга ва талаффузга ниҳоятда эътиборли бўлган, нутқ маданиятини мукаммал ўзлаштир-
1 Профессор Д. Алимова билан бўлган шахсий суҳбат.
- 375 -