қилинди1. Бу борада Авлонийнинг ҳаёти ва ижодини чуқур таҳлил этган адабиётшунос олим Бегали Қосимовнинг меҳнатларини алоҳида қайд этиш ўринли. У А. Авлонийнинг асарларини тўплаб, икки жилдда нашрга тайёрлади ва ушбу асарлар бир неча бор қайтадан чоп этилди. Китобнинг биринчи жилдига Авлонийнинг шеърияти ва дарсликлардаги ихчам ҳикоялари ҳамда ҳажвияларидан намуналар киритилган бўлса, иккинчи жилдида адибнинг драмалари, саёҳатномаси, мақолалари билан бирга тараққийпарварни барчага машҳур қилган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари ўрин олди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ХХ аср бошлари тараққийпарварлик ҳаракати тарихини холисона ўрганиш бошланди. Бу ўринда тарихчилар ўз илмий тадқиқотлари доирасида ушбу ҳаракат иштирокчилари шахси, уларнинг фаолияти мавзусига алоҳида эътибор қаратдилар2. Жумладан, Абдулла Авлоний ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш бу ҳаракат тарихини тўлақонли ёритишда муҳим ўрин тутади. Бироқ, ҳозиргача унинг илмий мероси, тарихий тафаккури тарихшунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилинган эмас.
Абдулла Авлоний Тошкентнинг Шайҳонтоҳур даҳасидаги Мерганча маҳалласида 1878 йил 12 июлда оддий тўқувчи оиласида дунёга келди. Оддий мактабда савод чиқарди ва 12 ёшида мадрасага ўқишга кирди. Бироқ, оиладаги фақирлик туфайли у мардикорлик билан шуғулланишга мажбур бўлди. Бу эса унинг ўқишига таъсир кўрсатди. Авлонийнинг таржимаи ҳолида ёзилганидек, у 1894 йилдан шеърлар машқ қилади ва шу вақтдан эътиборан унинг адабий фаолияти бошланди. Б. Қосимовнинг таъкидлашича, унинг “ёшлик даврида яратган шеърларининг ҳеч бири бизгача сақланмаган”3. Айниқса, ёш Абдулла ўша давр учун янгилик бўлган “Русиянинг турли шаҳарларида чиққан матбуот-газета ва журналлар билан танишиб, ўқиб маълумотини орттира борди. “Таржимон” газетасин ўқиб замондан хабардор бўлди. Шул замонда ерли халқлар орасида
лифи Б. Қосимов. Тошкент: Маънавият, 1998. (2006 йилда қайта нашр этилган); Ризаев Ш. Жадид драмаси. Тошкент: Шарқ, 1997.
1Баракаев Р. ХХ аср бошларида ўзбек болалар адабиёти ва Абдулла Авлоний ижоди: Филол. фан. ном. ... дис. Тошкент, 1994; Азимова Ҳ.И. Абдулла Авлоний драматургияси (ғоявийлик ва маҳорат): Филол. фан. ном. ... дис. Тошкент, 1999.
2Абдурашидхонов М. Танланган асарлар. Тошкент, 2003; Авлоний Абдулла. Танланган асарлар. Тошкент, 1998; Беҳбудий М. Танланган асарлар. Тошкент, 1999; Алимова Д.А., Рашидова Д. А. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг тарихий тафаккури. Тошкент, 1999; Воҳидова К.А. Исҳоқхон Жунайдуллоҳхўжа ўғли Ибрат ва унинг тарихий илмий мероси. Тошкент, 2008. Долимов У. Исҳоқхон Ибрат. (Истиқлол фидойилари сериясидан). Тошкент, 1994. Туркистон матбуоти тарихи (1870-1917) / Тузувчи: т.ф.д. Н.А.Абдуазизова. Тошкент, 2000 ва б.
3Қосимов Б. Оқ тонгларни орзулаган шоир / Авлоний Абдулла. Танланган асарлар. 1- жилд. Тошкент: Маънавият, 2006. 5-бет.
-21 -
эскилик-янгилик (жадид-қадим) жанжали бошланди. Газет ўқувчиларни муллалар “жадидчи” номи билан атар эдилар. У ҳам шул жадидчилар қаторига кирди”1. 1904 йилдан бошлаб Авлоний жадидчилик ҳаракатининг фаол иштирокчисига айланади. Бу фаолиятнинг амалий натижаси сифатида у Тошкентнинг Миробод маҳалласида янги-усул мактаб ташкил этиб, ўзи ўқитувчилик фаолиятини олиб борди. Бироқ, бу мактаб 1908 йилда ёпилди. Зотан, бунга сабаб қилиб Авлоний: “Мактабимда ер, одамлар, тоғ-тошлар, дарё, осмон ҳақинда суҳбатлар ўтказмоққа ҳаракат қилганимни Миробод жоҳил кишилари билишиб, мени кофир бўлдинг, деб мактабимни ёпдилар...”2, – деб кўрсатган эди. Аммо мактаб иши, халқ болаларини маърифатли қилиш Авлонийнинг 1917 йилгача бўлган фаолиятининг бош йўналишини ташкил этган ва бу йўлда ҳар қандай қийинчиликларни енга олган, яна янги мактаблар очиб, улар учун турли-туман дарсликлар яратган.
Б. Қосимов: “Авлоний томонидан 1909 – 1917 йиллар давомида махсус мактаб болалари учун ёзилган ўндан ортиқ китоблар майдонга келди. Унинг “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”, “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ”, “Мактаб гулистони” сингари дарсликлари “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар” тўплами инқилобга қадар бир неча бор босилиб чиқди ва Туркистоннинг жуда кўп янги усул мактаблари учун қўлланма бўлиб хизмат этди. ...Маълум сабабларга кўра босилмай қолган “Учинчи муаллим”, “Мактаб жуғрофияси”, “Ҳисоб масалалари” сингари дарслик китоблари ҳақида ҳам адибнинг замондошлари илиқ фикрлар айтадилар”3, – деб ёзган эди. Дарҳақиқат, мазкур асарлар ўзбек педагогика тарихида муҳим аҳамият касб этувчи асарлар сирасига кириб, ўз даврининг етакчи тажрибаларидан фойдаланилганлиги, шубҳасиз. Шунингдек, ўша даврдаги Туркистон “усули жадида” мактаблари талабалари учун мўлжалланган алифбо ва ўқиш китобларига илғор рус болалар адабиёти намуналари – Лев Толстойнинг “Алифбо”, “Янги алифбо” ва тўрт китобдан иборат “Рус ўқиш китоблари” ҳамда К.Д. Ушинскийнинг “Болалар дунёси” ва уч қисмдан иборат “Она тили” дарсликлари таъсири кучли бўлган. Адабиётшунос Р. Баракаев тадқиқотига кўра, 1917 йилгача Лев Толстойнинг 40 дан ортиқ кичик асари – ҳикоя, масал, эртаклари ўзбек тилига таржима қилинган бўлса, шулардан фақат иккитаси
1Таржимаи ҳолим / Авлоний Абдулла. Танланган асарлар. 2-жилд. Тошкент: Маъна-
вият, 1998. 288-бет.
2Бобохонов А., Махсумов М. Абдулла Авлоний. Педагогик фаолияти. Тошкент: Ўқи-
тувчи, 1966. 43-бет.
3Қосимов Б. Оқ тонгларни орзулаган шоир / Авлоний Абдулла. Танланган асарлар. 1- жилд. Тошкент: Маънавият, 2006. 20-бет.
-22 -
“Туркистон вилояти газети”да, қолганлари эса алифбо ва ўқиш китобларида чоп этилган. Бу таржималардан 11таси Авлоний қаламига мансуб. 1917 йилгача ўзбек тилига таржима қилинган К.Д. Ушинскийнинг 8 та кичик асаридан 6таси, И.А. Криловнинг 20га яқин масалидан 9таси Авлонийга тегишли бўлиб, бу асарларнинг барчаси жадид мактаблари дарсликларига киритилган эди1.
Барчага маълумки, Абдулла Авлонийни машҳур қилган, унинг номини тарих саҳифаларига муҳрлаган асарларидан бири – 1914 йилда чоп этилган “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобидир. У ўз замондошлари томонидан ҳам юқори баҳоланган, ҳатто совет йилларида яратилган адабиётларда ҳам номи алоҳида зикр этиб кетилган асарлар сирасига киради. “Садои Туркистон” газетаси бу ҳақда “Туркистонға зўр шодлиғ” сарлавҳасида хабар босиб, унда: “Кўпдан бери кутилган Туркистон учун энг керакли “Туркий гулистон” исмли ахлоқ китоби очуқ тилда, Туркистон шевасида Шайх Саъдий усулида Абдулла Авлоний тарафиндан ёзилуб, тошбосмада босилуб, 132 бетдан иборат муҳим асар майдонға чиқди. Ҳар бир адабиёт ошиқларина, хусусан муаллим афандилара бирор нусхасини тавсия қилурмиз”2, деб ёзилди.
Авлоний ўз асарининг бош мақсади қилиб тарбия масаласини ахлоқ орқали шарҳлашни белгилаб олди. У ахлоқни “инсонларни яхшиликға чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илм”, деб баҳолайди ва “яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладургон китобни ахлоқ дейилур. Ахлоқ илмини ўқуб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканин, жаноби Ҳақ на учун халқ қилганин, ер юзида нима иш қилмак учун юрганин билур”3, деб қайд этди. Мактабнинг юқори синф ўқувчилари учун мўлжалланган мазкур китоб ўсмирларни шаклланиш даври, уларнинг яхши ва ёмонни ажрата олиш ёшини инобатга олинганлиги жуда муҳим. Зеро, ёш авлод тарбиясида, уларни тўғри йўналтира олишда инсон хулқини классификация қила олиш хусусиятини шакллантириш ва унинг таснифи билан таништириш Авлонийнинг педагогик маҳорати юқорилиги ва кучли қалам соҳиби эканлигининг далолатидир. Муаллиф, асарда ҳулқларни икки қисмга ажратар экан, 34та яхши ва 21та ёмон хулққа таъриф берди, уларни буюк алломалар Суқрот, Арасту, Ибн Сино, Мирзо Бедил, Румий, Ибн Сино, Шайх Саъдий фикрлари, “Қуръони Карим” оятлари,
1Баракаев Р. ХХ аср бошларида ўзбек болалар адабиёти... 154-155-бетлар.
2Садои Туркистон. 1914 йил 3 декабрь.
3Авлоний Абдулла. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ / Авлоний Абдулла. Танланган асарлар. 2-жилд. … 34-бет.
-23 -
Ҳадислар билан кучайтирди. Шунинг ўзиёқ ўқувчида дунёда яхшилик, эзгулик устун эканлиги, ёмонлик оқибати инсонни тўғри йўлдан адаштириши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар шаклланишига олиб келиши муқаррар эканлигини кўрсатади.
Асарда нафақат тарбиявий масала, шунингдек, ўз даврининг илғор намояндаларини қаттиқ ташвишлантирган Туркистон жамиятининг ҳолати, ижтимоий-сиёсий мавқеи, маданий-маърифий қолоқлик масалалари ҳам муаллифнинг назаридан четда қолмади ва у ўзининг ўткир қалами билан буларни ўқувчиларга етказишга интилди. У, асарда “тарбиянинг ахлоққа таъсири йўқ, инсонлар асл яратилишида қандай бўлсалар, шундай ўсарлар, табиат ўзгармас”1, деган фикрларни инкор этади, тарбиянинг ахлоққа таъсирини очиб берар экан “тарбия бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласи”2 қаторига киритади.
“Жаҳолат, – деб ёзади Абдулла Авлоний, – ўқумаган, билимсиз, ҳеч нарсага тушунмайдурган нодонлиғни айтилур. Жаҳолат инсониятнинг энг зўр душмани ва ёмон хулқларнинг бошлиғидир. Маорифдан, фунун ва маданиятдан маҳрум қолган халқ жаҳолат панжаларининг орасида эзилур”3.
Абдулла Авлоний фикрича, ҳар бир инсон ўзининг маиший турмушида ҳам ўзгаришлар ясаши лозим. Чунки моддий бойлиги бўлмаган, унга интилмаган халққа маданият, тараққиёт ҳақида гапиравериш кутилган натижани бермайди. Энг аввало, иқтисодий маданиятни ривожлантириш даркор. Зеро, “ҳозирги замонда ботирлик – бойликда, қайси давлат ва миллатнинг давлати бўлса, шул устун бўлмакдадур. Чунки ҳукумат учун халқ, халқ учун ҳунар, ҳунар учун илм, илм учун ақча лозимдур”4. Унинг фикрича, “Боболаримизнинг “бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар” замонлари ўтуб, ўрнига “билган битар, билмаган йитар” замони келди. Америкаликлар бир дона буғдой экуб, йигирма қадоқ буғдой олурлар, овруполиклар ўзимиздан олган беш тийинлик пахтамизни кетуруб, ўзимизга йигирма беш тийинга сотурлар. Аммо биз осиёлилар, хусусан туркистонлилар, думба сотуб, чандир чайнаймиз, қаймоқ беруб, сут ошиймиз, нон ўрниға кесак тишлаймиз. Сўзнинг қисқаси, ҳозирги замонга мувофиқ киши бўлмак учун илм ва маърифат ила баробар иқтисод, инсоф, туганмас саъй, битмас ғайрат лозимдур”5.
1Авлоний Абдулла. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ... 36-бет.
2Ўша асар. 38-бет.
3Ўша асар. 74-бет.
4Ўша асар. 47-бет.
5Ўша асар. 62-бет.
- 24 -
Абдулла Авлоний ҳам барча тараққийпарварлар сингари ўз халқини бошқа маданий миллатлардан ўрнак олишга ундайди ва қарамлик сабабини шижоатсизликда кўради. Бу борада унинг қуйидаги фикрлари аҳамиятли: “Сарватли миллатлар миллиятларини йўқотмас, роҳат ва саодатда яшар. Бу кунда маданий миллатлар урушларини тижорат ва саноатга айландурдилар ва бу сояда бирбирларига ғалаба ва рақобат қила бошладилар. Сеҳргар ва жодугарлик ила эмас, тижорат ва саноатгарлик ила чолишкон Оврўпо Африқо ва Осиёни ўзига асир ва мусаҳҳар қилмакдадур”1. Жамият тараққиёти эса кучли интизомга таянмоғи, қонун доирасида ривожланиши даркор. “Ислом давлатларининг барпоси низом ва интизом ила ўлдиғи каби, барбод ва инқирози ҳам тартиб ва низомсизлик ила бўлмишдир”, – деб ёзади Авлоний. Муаллифнинг ўша давр учун жуда кучли фикрларидан яна бири: “Ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси ишларини вақтида низомдан чиқармай тартиби ила юритмакға боғлидур. Шогирдлар мактаб ва мадрасалардаги замонга мувофиқ равишда қурилмиш, низом ва тартибларни риоя қилмаклари лозимдир. Чунки тартиб ва низомни риоя қилмаган кишиларнинг ишлари ҳамма вақт нотамом, ўзлари паришон бўлурлар. Аммо ишларини тартиб узра юритган кишиларнинг ишлари ерида, ўзлари тинч ва роҳатда умр ўткарурлар”2. Албатта, содда сўзлар билан битилган ушбу мисралар моҳиятида адолатли, қонун устуворлиги таъминланган жамият ҳақидаги орзу, ётганлиги шубҳасиз.
Авлоний Туркистон бойларини иқтисодий ҳаётга янги технологиялар кириб келаётган бир вақтда уларнинг тўхтаб қолаётганлиги, синишларининг биринчи сабаблари қилиб “ахлоқсиз, билимсиз, мусриф, ялқов кишиларга топширувлари ила баробар ўзларининг замонға мувофиқ тартиб ва низомдан хабарсизликлари”ни кўрсатди. Шунинг учун бўлса керак, у ўзининг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида: “Инсонларни яхшиликға чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдур”3, – деб алоҳида урғу берди. Авлоний илмни диний ва фанний қисмларга бўлади. “Диний киши бўлмак учун улуми диния ўқумак ила баробар ҳисоб, ҳандаса, тарих, ҳикмат, кимё, тиб, зироат илмлари каби фанний илмларни ҳам билмак, чин олим бўлмак лозимдур. Чунки бу илмларнинг иккиси ҳам дунё охиратимиз, ҳаёт ва саодатимиз учун энг керакли нарсалардур”4.
1Авлоний Абдулла. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ. 47-бет.
2Ўша асар. 52-53-бетлар.
3Ўша асар. 34-бет.
4Ўша асар. 49-бет.
- 25 -