3000 та БУХГАЛТЕРИЯ ЎТКАЗМАСИ
ҲИСОБВАРАҚЛАР РЕЖАСИ БЎЙИЧА
БОҒЛАНИШЛАР*
Муқаддима
I боб. Бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режасининг умумий тавсифи
Умумий тавсифи
Бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси
II боб. Счётларнинг боғланиши
I қисм. Узоқ муддатли активлар
I бўлим. Асосий воситалар, номоддий активлар
ва бошқа узоқ муддатли активлар
II қисм. Жорий активлар
II бўлим. Товар-моддий захиралар
III бўлим. Келгуси давр харажатлари
ва кечиктирилган харажатлар - жорий қисми
IV бўлим. Олинадиган счётлар - жорий қисми
V бўлим. Пул маблағлари, қисқа муддатли
инвестициялар ва бошқа жорий активлар
III қисм. Мажбуриятлар
VI бўлим. Жорий мажбуриятлар
VII бўлим. Узоқ муддатли мажбуриятлар
IV қисм. Хусусий капитал
VIII бўлим. Капитал, тақсимланмаган фойда ва резервлар
V қисм. Молиявий натижаларнинг шаклланиши ва фойдаланилиши
IX бўлим. Даромадлар ва харажатлар
VI қисм. Балансдан ташқари счётлар
МУҚАДДИМА
Корхоналарда турли хил мулкчилик шакллари ва хўжалик вазиятлари вужудга келаётган замонавий шароитларда хўжалик юритувчи субъект фаолиятини бошқариш жараёнида ички ва ташқи фойдаланувчилар томонидан қўлланиладиган бухгалтерия ахборотининг ўрни, зарурати ва аҳамияти ортиб бормоқда. Ўз вақтида, асосланган ва тўлиқ ахборот олиш учун кўп сонли счётлардан фойдаланиш зарур, чунки турли фойдаланувчилар бухгалтердан турлича маълумотларни талаб қилади. Счётларда жамланадиган маълумот ҳам ички фойдаланувчилар, ҳам ташқи фойдаланувчиларнинг турли хил талабларига жавоб бериши лозим, чунки улар олинган маълумотнинг таҳлили асосида компаниянинг келажакдаги молиявий фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқарув қарорларини қабул қиладилар. Бухгалтер ушбу маълумотни олиш учун, бухгалтерия ҳисоби юритилишининг умумий услубиятини бузмаган ҳолда, кўп сонли счётлардан фойдаланиши зарур.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2002 йил 9 сентябрдаги 103-сон буйруғи билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 23 октябрда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (21-сон БҲМС) "Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича Йўриқнома" бухгалтерия ўтказмаларини тузиш бўйича бухгалтер ишини тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжат ҳисобланади.
Мазкур стандартга, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2003 йил 12 ноябрда 1181-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган, Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2003 йил 28 октябрдаги 122-сон буйруғига ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 25 майда 1181-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган, Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2009 йил 28 апрелдаги 46-сон буйруғига мувофиқ, ўзгартишлар киритилган.
Ҳисобварақлар режасидаги ўзгартишлар бозор иқтисодиёти шароитларида корхона ва ташкилотларнинг бухгалтерлик иши тажрибаларини умумлаштириш натижаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги ўзгартишлар, янги бухгалтерлик ҳисоби стандартлари жорий қилиниши ёки мавжуд стандартларнинг, масалан, 6-сон БҲМС "Ижара ҳисоби", 7-сон БҲМС "Номоддий активлар"нинг янги таҳрири қабул қилиниши билан боғлиқдир.
Корхоналар тасдиқланган Ҳисобварақлар режасига асосан, ўз хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобига оид счётлар иш режасини ишлаб чиқиши ва уни ҳисоб сиёсати билан тасдиқлаши лозим. Корхонанинг счётлар иш режасида ишлаб чиқариш ва муомала жараёни технологияси ва таркибининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олиниши лозим.
Ҳисобварақлар режасига уни қўллаш бўйича Йўриқнома (2-сон илова) ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиб, унда алоҳида счётлар бўйича асосий хўжалик операцияларининг рўйхати ва уларнинг ўзаро боғланиши (900 та ўтказма) келтирилган. Бироқ ушбу рўйхат корхоналарда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш жараёнида вужудга келиши мумкин бўлган турли вазиятларни қамраб олмайди. Шунинг учун ушбу қўлланмада хўжалик вазиятлари рўйхати 900 тадан 3000 та ўтказмага қадар кенгайтирилган.
Мазкур китоб бухгалтерлик ҳисобида акс эттирилиши лозим бўлган амалга оширилувчи хўжалик фактлари (операциялари)ни тавсифлайди, яъни молиявий натижани белгилаш ва бухгалтерлик ҳисоботини тузиш учун мўлжалланган. Тез-тез қўлланиладиган хўжалик операциялари ажратиб кўрсатилган, уларнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши бир счёт дебети ва бошқа счёт кредити бўйича ёзувлар билан ҳар бир операция тавсифи счётларнинг боғланиши орқали тақдим этилган. Шу орқали қўш ёзув ёрдамида хўжалик маблағлари, ташкилот мажбуриятларининг бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтиш жараёнини акс эттиришнинг қандай амалга оширилиши кўрсатиб берилган.
Муаллифлар шунингдек ҳар бир хўжалик операцияси бўйича боғланишни, мазкур операция расмийлаштириладиган бошланғич ҳужжатларни кўрсатган ҳолда тавсифлашни мақсадга мувофиқ деб билдилар.
Бошланғич ҳужжатлар, шунингдек қоғоз ёки электрон ахборот ташувчилардаги ҳужжатлар бухгалтерлик ҳисобида хўжалик юритувчи субъектнинг хўжалик фаолияти яхлит ва узлуксиз акс эттирилишини таъминлайди. Бухгалтерия ҳисоб регистрларига раҳбарнинг оғзаки кўрсатмаси ёхуд ўз ихтиёри бўйича қайдлар киритилмаслиги лозим. У ҳужжат билан акс эттирилган ҳаракатларнигина ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Бинобарин, бошланғич ҳужжатлар счётлар боғланиши орқали амалга ошириладиган бухгалтерлик қайдлари тизимининг асоси ҳисобланади.
Маълумки, тегишли хўжалик операцияларини амалга оширадиган ходимлардан ҳужжатлар олиш бухгалтерия учун энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Улар зиммасига бухгалтерлик ҳисоби ва назорати учун зарур ҳужжатлар тузиш мажбурияти юклатилган. Шу туфайли ҳужжатларнинг сифатсиз расмийлаштирилиши, бухгалтерияга беришнинг кечиктирилиши, ҳужжатлардаги мавжуд маълумотларнинг асосланмаганлиги, шунингдек ноқонуний операцияларни акс эттирувчи ҳужжатлар тузилганлиги учун уларнинг жавобгарлиги кўзда тутилган бўлиши лозим.
Шундай қилиб, счётлар боғланиши ва бошланғич ҳужжатлар ўртасидаги алоқадорлик амалиётда бухгалтерлик ҳисоби сифатини ошириш мақсадида қайд этиб ўтилган.
Ушбу қўлланма бухгалтерлар учун фойдали бўлиши ва Ҳисобварақлар режасини янада яхшироқ ўзлаштириб олишда ёрдам беришига ишонч билдирамиз.
Кейинги ўринларда:
I боб. Бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режасининг умумий тавсифи
Умумий тавсифи
Бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси
II боб. Счётларнинг боғланиши
I қисм. Узоқ муддатли активлар
II қисм. Жорий активлар
III қисм. Мажбуриятлар
IV қисм. Хусусий капитал
V қисм. Молиявий натижаларнинг шаклланиши ва фойдаланилиши
VI қисм. Балансдан ташқари счётлар
I БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ ҲИСОБВАРАҚЛАР
РЕЖАСИНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ
Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонуни 5-моддасига мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини тартибга солиш, бухгалтерия ҳисоби стандартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юклатилган. Шу боис бухгалтерия ҳисоби услубияти ва ягона Ҳисобварақлар режасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан таъминланади.
Бухгалтерия хизматларининг амалий фаолиятида Ҳисобварақлар режаси биринчи даражали аҳамиятга эга.
Молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлар режаси молиявий ҳисобот элементларига мувофиқ гуруҳлаштирилган счётларнинг йиғиндисини, яъни: активлар, мажбуриятлар, капитал, даромадлар ва харажатларни ташкил этади.
Ҳисобварақлар режаси мулкчилик шакли ва фаолият соҳасидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ягона ва мажбурий ҳисобланади, бюджет ташкилотлари, суғурта компаниялари ва банклар бундан мустасно.
Бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режаси республикада бухгалтерия ҳисобини меъёрий тартибга солиш тизимининг иккинчи даражали ҳужжатлари таркибига киради ва у халқ хўжалиги турли тармоқларининг барча ташкилий-ҳуқуқий шаклларидаги корхоналар томонидан қўлланиши лозим бўлган счётларнинг тартибга солинган рўйхатидан иборат.
Ҳисобварақлар режасида бухгалтерия ҳисобига корхоналар иқтисодий ресурсларининг ҳолати ва ҳаракати тўғрисида бухгалтерия маълумоти ҳамда уларга қўйиладиган талабларни қайд этиш ва сақлаш усули сифатида таъриф берилган.
Бухгалтерия ҳисобининг барча счётлари қуйидаги гуруҳларга ажратилган:
Доимий счётлар - ҳисобот даври охирига сальдога эга бўлиб, бухгалтерия балансида акс эттириладиган активлар, мажбуриятлар ва капиталга оид счётлар. Доимий счётлар актив, пассив, контрактив ва контрпассив счётларга ажратилади.
Актив счётлар (А) - активларни акс эттиришга мўлжалланган бўлиб, унда иқтисодий захираларнинг қолдиғи ва кўпайиши счётнинг дебети, камайиши эса - кредити бўйича акс эттирилади.
Пассив счётлар (П) - мажбуриятлар ва капитални акс эттиришга мўлжалланган бўлиб, унда мажбуриятлар ҳамда капитал қолдиғи ва кўпайиши счётнинг кредити, камайиши эса - дебети бўйича акс эттирилади.
Контрактив счётлар (КА) - у билан боғлиқ бўлган актив счётнинг қолдиғидан чегириладиган қолдиқ молиявий ҳисоботда активнинг соф қийматини акс эттирувчи счётдир.
Контрпассив счётлар (КП) - у билан боғлиқ бўлган пассив счётнинг қолдиғидан чегириладиган қолдиқ молиявий ҳисоботда мажбурият ёки капиталнинг соф қийматини акс эттирувчи счётдир.
Транзит счётлар (Т) - ҳисобот даврида фойдаланиладиган, бироқ ёпиладиган Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириладиган ҳисобот даври охирига қолдиққа эга бўлмайдиган, даромадлар ва харажатларни ҳисобга олувчи вақтинчалик счётлардир.
Балансдан ташқари счётлар (БТ) - бу корхонага тегишли бўлмаган, бироқ вақтинчалик унинг тасарруфида бўлган активларнинг, шартли ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотни умумлаштиришга мўлжалланган счётлардир. Ушбу счётлар бошқа счётлар билан боғланмайди ва корхонанинг молиявий ҳисоботида акс эттирилмайди.
Счётларнинг Ҳисобварақлар режасида туркумланиши ва уларнинг кетма-кетлик билан жойланиши хўжалик вазиятларининг иқтисодий мазмунига асосланади ва хўжалик юритувчи субъект мол-мулки муомаласи чизмасидан келиб чиқади. Ушбу тамойилдан фойдаланиш бухгалтерия ҳисобининг қайси бир объектларига оид маълумотлар муайян бўлимнинг счётларида тизимлаштирилиши тўғрисидаги саволга жавоб бериш имкониятини яратади. Бунда счётлар гуруҳланишининг бошқа аҳамиятли белгилари, хусусан, счётлар мақсади ва таркиби, улар ўртасидаги ўзаро боғланиш ва бошқалар зарур даражада инобатга олинади. Шунинг учун Ҳисобварақлар режаси Концептуал асосга мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун молиявий ҳисобот элементларини гуруҳлаш орқали қатъий тарзда тартибга келтирилган тизим ҳисобланади, яъни: авваламбор активларни ҳисобга олувчи счётлар, кейинчалик мажбуриятлар счётлари ва, ниҳоят, даромадлар ва харажатларни ҳисобга олувчи счётлар акс эттирилган. Счётларни юритиш ва уларнинг рақамланишини кўрсатиш қатъиян мажбурий эканлиги билан бир қаторда, жорий ҳисобда ушбу элементларни очувчи счётлардан фойдаланиш қатъий белгиланмаган.
Ҳисобварақлар режасидан фойдаланишда ягона услубий ёндашув бухгалтерия ҳисоби ташкил этилишининг аниқ тартибга солинишига ҳуқуқий замин яратади, ҳисобда акс эттиришни туркумлаш унинг юритилишини енгиллаштиради, бухгалтерия ҳисоби бўлимларини автоматизациялаш тартибини соддалаштиради, счётлар ўзаро боғланишида хатолар сонини камайтириш имкониятини яратади.
Ҳисобварақлар режасига илова қилинган Йўриқномада келтирилган счётлар боғланишининг намунавий чизмаси ҳам юқорида келтирилган муаммоларнинг ечимини топишга ёрдам беради ва бухгалтерия ҳисоби тизимини автоматизациялаш дастури учун асос қилиб олиниши мумкинлигини қайд этиб ўтиш лозим. Бироқ хўжалик юритиш амалиётида шундай вазиятлар учрайдики, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш жараёнида ўзаро боғланадиган счётларни аниқ белгилаш етарли даражада мураккаб бўлади. Нотўғри тузилган бухгалтерия ўтказмаси корхона фаолияти кўрсаткичларининг аҳамиятли даражада ноаниқ акс эттирилишига ва муайян солиқлар бўйича солиқ солинадиган база нотўғри ҳисобланишига олиб келиши мумкин.
Счётларнинг ўзаро боғланишига оид намунавий чизмаларда акс эттирилмаган хўжалик фаолиятининг янги ҳолатлари вужудга келган тақдирда корхона уни тўлдиришга ҳақли, бироқ бунда бухгалтерия ҳисобини юритишнинг асосий услубий тамойилларига қатъий риоя қилиш асосий талаб бўлиб ҳисобланади.